navstat

 

 

Biz Ijtimoiy tarmoqlarda

 

Document

 

 

 

Foydali ma'lumotlar

 

Bank.uz - O'zbekiston banklari haqida hamma narsa.

    

So'rovlar

Saytimizga baho bering ?




Sayt statistikasi

  • Sayt ko'rildi: 1057742
  • Foydalanuvchilar: 3

Obuna bo'lish

Elektron pochta manzilini kiriting !

 

 

YUKLAB OLISH

Document

Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш – турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади

 

 

Ғойибназаров Баҳодир Каримович, 
ДСҚнинг Кадрларни қайта тайёрлаш ва 
статистика тадқиқотлари маркази директори,  
иқтисод фанлари доктори, профессор

Ҳозирги кунда биз кўпинча телевидение, радио ва интернет орқали мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши, иқтисодий ривожланиши, барқарор иқтисодий ўсиши тўғрисидаги янгиликларни эшитиб ва кўриб турибмиз.  Хўш, аввало бу тушунчалар ўзи нима? Улар бир-биридан нима жиҳатдан фарқ қилади? Улар қандай ҳисобланади? Қуйида ушбу саволларга оддийроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Иқтисодий ўсиш ва иқтисодий ривожланиш нима билан фарқланади?

“Иқтисодий ўсиш” ва “иқтисодий ривожланиш” тушунчалари ўртасида фарқ мавжуд албатта.

Иқтисодий ўсиш деганда моддий неъматларни ишлаб чиқаришнинг миқдорий жиҳатдан кўпайишини тушунсак, иқтисодий ривожланиш деганда эса иқтисодий ўсишга нисбатан кенгроқ тушунчани, яъни нафақат ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишини, балки аҳоли турмуш даражаси ўсишини ва иқтисодиётда бўлаётган турли хилдаги ўзгаришларни ҳам ифодаланиши тушунилади.

Иқтисодий ривожланишга қандай ўзгариш ва омиллар таъсир қилади деган савол туғилиши табиийдир?

Иқтисодий ривожланиш кўп жиҳатли жараён ҳисобланиб, ўз таркибига техник, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришларни қамраб олади.

Иқтисодий ўсиш деганда бевосита ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми ва унинг аҳоли жон бошига тўғри келувчи қийматининг ортиши тушунилади.

Хўш, ялпи ички маҳсулот ўзи нима? ЯИМ – бу маълум вақт даврида, масалан бир йилда яратилган ва бевосита истеъмолчиларга етказиладиган барча тайёр маҳсулот ва кўрсатилган хизматларнинг бозор нархидаги қийматидир.

ЯИМ қайси даврлар учун ҳисобланади ва қандай бирликларда ўлчанади ?

Одатда, халқаро амалиётда у чораклар ва йил якуни бўйича ҳисобланадиЯИМ миллий валюта – сўм бирлигида ёки халқаро даражада қиёслаш мақсадида - АҚШ долларида ифодаланади.

ЯИМ қачондан бошлаб ҳисоблаб келинади?

ЯИМ концепцияси биринчи марта 1934 йилда АҚШ Конгресси учун ҳисоботни тайёрлашда иқтисодчи Саймон Кузнец томонидан киритилган. Мазкур ҳисоботда С.Кузнец ЯИМни фаровонлик кўрсаткичи сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган. 1944 йилдаги Бреттон-Вудск конференциясидан сўнг ЯИМ иқтисодиётнинг ҳажмини ўлчаш учун ҳозирги кунгача асосий кўрсаткич бўлиб қолмоқда.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ЯИМ 2 хил кўринишда бўлади – номинал (жорий нархларда), реал (солиштирма нархларда). Халқаро қиёслаш мақсадида ЯИМ халқаро валюта бирлигида, одатда АҚШ долларида ўлчанади. Шунингдек,  ЯИМ ва унинг аҳоли жон бошига қиймати миллий валютанинг харид қобилияти паритетида ҳисобланади.

Номинал ЯИМ жорий, реал солиштирма нархларда ҳисобланади. 

ЯИМ уч хил – ишлаб чиқариш, даромадлар ва харажатлар усулларида ҳисобланади.

Даромадлар усулида ҳисобланган ЯИМ - миллий иқтисодиётда фаолият юритган барча иқтисодий субъектлар, уй хўжаликлари (хорижий фуқаролар қўшилган ҳолда), корхоналар (хорижий ва қўшма корхоналар ҳам ҳисобланади), нодавлат ва нотижорат корхоналари ҳамда давлат (республика ва маҳаллий бюджет) даромадлари, яъни, маош, рента, фоиз даромадлари, корхона фойдаси, маҳсулот ва импортга соф (субсидиядан ташқари) солиқлар йиғиндисидан иборат.

Демак, кичик бир оила даромади ЯИМнинг бир бўлагини ташкил этар экан.

ЯИМ тўғрисида янада соддароқ тушунча ҳосил қилиш учун мисол тариқасида 3 кишидан иборат (онаси, боласи ва отаси) бўлган Бозоровлар оиласининг даромадлари ва уларнинг ўзгаришини оддий мисоллар орқали кўриб чиқайлик.

Мисол сифатида олинган ушбу оиланинг 2016 йилдаги умумий даромадлари - 9 млн.сўм, 2017 йилда эса 10 млн.сўмни ташкил этган дейлик.

2017 йилда 2016 йилга нисбатан Бозоровлар оиласининг барча номинал даромадлари юқоридагиларга асосан 11,1 % га ўсган. Расман Бозоровлар оиласи 2017 йилда 2016 йилга нисбатан 11,1 % га яхши яшаган деб айтишимиз мумкин. Аммо, амалда ундай эмас. Чунки, 2017 йилда товар  ва хизматлар нархлари ҳам ошган. Бундай ҳолга аниқлик киритиш учун реал даромад кўрсаткичига мурожаат қилишга тўғри келади.

Реал даромад миқдорини ҳисоблашда инфляция даражаси инобатга олинади. 2017 йилда инфляция расман 14,4 % ни ташкил этди.

Бозоровлар оиласи учун реал даромад (111,1/114,4)*100 - 100 =

–2.9 %га камайган. Яъни, ҳақиқатда уларнинг 2017 йилдаги даромадлари ошишига қарамасдан турмуш даражаси 2,9 % га пасайган.

Халқаро миқёсда мамлакатлар аҳолиси даромадлари ўзгаришини қиёслаш учун уларни муқим бир валюта бирлигига келтириш лозим. Кўпинча аҳоли даромадлари ёки ЯИМларни аҳоли жон бошига кўрсаткичлари АҚШ долларига келтирилади.

Бизнинг мисолимизда Бозоровлар оиласининг даромадлари 2016 йилда (1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан алмашинув курси - 2966 сўм ҳисобидан) 9000000/2966 = 3033 АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2017 йилда (1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан алмашинув курси - 5121 сўм ҳисобидан) 10000000/5121= 1953 АҚШ долларини ташкил этди.

Оила аъзолари бош сонига нисбатан ҳисоблайдиган бўлсак, мазкур кўрсаткич 2016 йилда 1011 АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2017 йилда 651 АҚШ долларини ташкил этган.

Халқаро даражадаги қиёсий таҳлилда мамлакатлар кўрсаткичларининг бир хил валюта бирлигига келтирилиши ҳам реал ҳолатни очиб бермайди. Чунки бир бирлик, айтайлик 100 АҚШ доллари Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистонда бир хил сотиб олиш қийматига эга эмас.

Шунинг учун юқоридаги кўрсаткичларни миллий валютанинг харид қобилияти паритети бўйича бирор-бир қийматга келтириш орқали уларни солиштириш мақсадга мувофиқ.

Худди шундай, қиёсий таҳлилни аҳоли жон бошига ЯИМни харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича ҳисоблаш ҳам муҳим амиятга эга.  

Хўш, харид қобилияти паритети ўзи нима?

Валютанинг харид қобилияти паритети - бу бир хил товар ва хизматлар мажмуасини сотиб олиш учун зарур бўлган турли мамлакатлар пул бирликларининг ўзаро нисбатидир. 2016 йил маълумоти бўйича Ўзбекистон миллий валютаси сўмнинг АҚШ пул бирлиги долларга нисбатан паритети 3,1 га тенг бўлган.

2017 йилда мамлакатимиз миллий пул бирлиги сўм - реал валюта курсининг пасайиши (девальвацияси), Ўзбекистон валютаси харид қобилияти паритетини 4,6 га (прогноз маълумотлари) ўзгаришига олиб келди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Бозоровлар оиласининг даромадлари ўзгаришини ҳисоблайлик.

2016 йилда Бозоровлар оиласининг жон бошига ялпи даромадлари  валютанинг харид қобилияти паритети асосида – 3133 (1011 х 3,1) АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2017 йилда 2992 (651х4,6) АҚШ долларини ташкил этади.

Мазкур мисол орқали кўриниб турибдики, Бозоровлар оиласи жон бошига даромадлар миқдори валютанинг ХҚП асосида 2017 йилда 2016 йилга нисбатан кескин тушмаган. У таҳлил этилаётган даврда бор йўғи 141  АҚШ доллари миқдорида камайган, холос.

ХҚП бўйича ЯИМни ҳисоблаганда товарлар савати ҳам иштирок этиши мумкин. Бироқ, дастлабки тушунча олиш учун келтирилган мисолларнинг ўзи кифоядир.

Иқтисодий ўсишни ЯИМ мутлақ ҳажмининг ортиши орқали ёки аҳоли жон бошига реал ЯИМ миқдорининг ортиши орқали ўлчаш, баҳолашнинг қандай мақсадда амалга оширилаётганига боғлиқ бўлади. Одатда, бирор-бир мамлакат иқтисодий ўсишини ЯИМ мутлақ ҳажмининг ортиши орқали ўлчаш, унинг иқтисодий салоҳиятини баҳолашда, аҳоли жон бошига реал ЯИМ миқдорининг ортиши орқали ўлчаш эса мамлакатдаги аҳоли турмуш даражасини (даромадлари бўйича) таққослашда қўлланилади.

Баъзида аҳолининг турмуш даражасини ифодаловчи бошқа кўрсаткичлар ҳам намоён бўлиши мумкин. Иқтисодиёт назариясида барқарор иқтисодий ўсиш деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, у барқарор ривожланишнинг алоҳида таркибий қисми ҳисобланади. Хўш қайси мезонлар асосида барқарор иқтисодий ўсиш юз берганлигини билиш мумкин? Барқарор иқтисодий ўсиш мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларининг маълум йиллар давомида (одатда беш йил) ижобий ва ўзаро мувофиқ ўсиш динамикасидан вужудга келадиган иқтисодий ўсишдир.

Энди, барқарор иқтисодий ўсишга қандай эришилади деган саволга жавоб берсак.

Энг аввало барқарор иқтисодий ўсишга таъсир этувчи омилий ре-сурсларни ҳам ҳисобга олиш ва улардан самарали фойдаланиш лозим. Уларга нималар киради? Омилий ресурслар гуруҳига қуйидагилар киради: табиий ресурслар миқдори ва сифати; меҳнат ресурслари миқдори ва салоҳияти; асосий капитал ҳажми; технологиялар.

Ўзбекистонда моддий бойлик ва хизматларни ишлаб чиқаришнинг динамик (барқарор) характерга эга бўлиши, бир томондан, ишлаб чиқариш ресурсларининг мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш ва илмий-техника ривожига эришишга ва иккинчи томондан, мавжуд ресурсларни ўзлаштириш имкониятларига тўғридан-тўғри боғлиқ.

Шу билан бир вақтда ички капитал (маблағ) танқислигининг мавжудлиги, иқтисодий ўсишни таъминлашда ташқи иқтисодий омилларнинг, хусусан, биринчи навбатда хорижий инвестициялар (сармоялар) ва кредитларнинг ролини янада орттиради.

Хўш, ЯИМ ҳажми ошса ёки камайса нима бўлади ?

ЯИМ мамлакат иқтисодиётининг ривожи ва унинг аҳолиси фаровонлиги (даромади)ни тавсифловчи муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Реал ЯИМ ёки жон бошига ЯИМ ошганда  мамлакат иқтисодиёти ва унинг аҳолиси турмуши яхшиланади. Бу кўрсаткичларнинг камайиши мамлакат иқтисодиётида муаммолар пайдо бўлганини ва аҳоли фаровонлиги (даромади) пасайганлигини англатади.

Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми жорий нархларда 199 трлн. сўмни ёки 67 млрд. АҚШ долларини ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келувчи ЯИМ ҳажми мос равишда 6,2 млн. сўмга ёки 2106 АҚШ долларига тенг бўлган. 2016 йилда сўмнинг расмий алмашув курси йиллик ўртача 2966 сўмни (бир долларга) ташкил этган.

2017 йил якунларига кўра, ЯИМ ҳажми жорий нархларда 249,14 трлн. сўм ёки 48,65 млрд. АҚШ долларига тенг бўлди. Жон бошига ҳисоблаганда, ЯИМ ҳажми 7,7 млн. сўмни ёки 1502,1 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Маълумот учун: 2017 йилда сўмнинг ўртача йиллик алмашув курси бир доллар учун 5121,1 сўмни ташкил этган.

2017 йилда Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи миқдори 1,453 млн. сўмни (ўсиш суръати – 12,3 %) ёки 283,8 АҚШ долларини (расмий курс 5121,1 сўм бўйича) ташкил этди. Иш ҳақи миқдори доллар ҳисобида 2016 йилги 436,2 долларга нисбатан “гўёки” камайгандек кўринади.

Лекин, 2016 йилда расмий алмашув курси товарлар қийматини ва шу орқали иш ҳақининг реал тўлов қобилиятини ифода этмаган.

Шунинг учун 2016 йилдаги иш ҳақини “қора бозор” курси бўйича ҳисобласак, унинг миқдори 201,7 долларни ташкил этган. Демак, ўртача иш ҳақи миқдори 2017 йилда “қора бозор” курси бўйича 184,6 доларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳақиқатда 17,1 долларга ёки 8,5 %га камайган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, халқаро амалиётнинг кўрсатишича, девальвация натижасида инфляция жараёнлари кучайиб, аҳолининг истеъмол қобилияти пасайиши табиий ҳол ҳисобланади. Шу билан бирга аҳоли камбағаллашадими ёки қашшоқлашадими деган саволга жавоб бериш учун ЯИМни харид қобилияти паритети  методи бўйича кўриб чиқайлик. 2017 йилда бу борада қандай натижалар кузатилди?

2017 йилнинг якунига кўра, Жаҳон банки маълумотлари асосида ҳисобланган харид қобилияти паритети бўйича республикамиз ЯИМнинг умумий ҳажми 223,6 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди, аҳоли жон бошига эса 6903,4 АҚШ долларига тенг бўлди. Демак, аҳоли жон бошига ЯИМнинг  378 долларга ошиши кузатилди. Бу ижобий ҳол саналиб, аҳолининг камбағаллашиши ёки қашшоқлашиши мумкинлигига ҳеч қандай асос йўқдир.

Маълумот учун: Жаҳон банкининг маълумотларига кўра харид қобилияти паритети бўйича мамлакатимизда ЯИМ умумий ҳажми 2016 йилда 207,8 млрд. АҚШ долларига тенг бўлиб, аҳоли жон бошига 6525,3 АҚШ долларини ташкил қилган.

2018 йилда девальвация ЯИМ ҳажмига (долларда ҳисобланганда) кескин таъсир ўтказади. Яъни, жорий йилда номинал ЯИМ ҳажми 290 трлн. сўмни ёки бир долларга 8050 сўм курс бўйича 36 млрд. долларни ташкил этиши кутилмоқда (жон бошига 1125 доллар). Шу билан бирга келгуси йиллардаги реал иқтисодий ўсиш ҳисобига харид қобилияти паритети бўйича ҳисобланган ЯИМ ҳажми жон бошига ҳисобланганда янада кўпайиши ва аҳоли фаровонлиги ошиши кутилмоқда.

Валюта курси девальвацияси натижасида АҚШ долларида    ҳисобланган аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ кўрсаткичи ва ўртача иш ҳақи миқдорининг ўтган йилларга нисбатан камайиши масаласига келганда эса, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бу табиий ҳол эканлигини қайд қилиш мумкин. Боз устига аҳолининг асосий истеъмол харажатлари миллий валютада амалга оширилишини назарда тутсак, бундай ҳолат аҳоли харид қилиш қобилиятининг пасайганлигини англатмайди.

Бундай ҳолатларни қўшни мамлакатларда ҳам кўриш мумкин. Ма-салан, девальвация сабабли Қозоғистон ЯИМи ҳажми 2011-2015 йиллар-даги 200-230 млрд. доллардан 2016 йилда 123,2 млрд. долларгача ёки қарийб 100 млрд. долларга (46 %га) пасайган (2017 йил – 126,3 млрд. доллар). Мос равишда доллар ҳисобидаги аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми ва ўртача иш ҳақи миқдори ҳам камайган. Россия Федерациясида ҳам шундай тенденциялар кузатилган.

Мамлакатимизда 2019-2020 йилларда ЯИМ ҳажмининг доллар ҳи-собида ҳам ўсиш жараёни кечиши прогноз қилинмоқда. Бундай ҳолатда экспорт ҳажмининг ортиши ва унинг ЯИМ таркибидаги улушининг кўпайиши, ЯИМ ҳажмининг доллар ҳисобида ўсишини таъминловчи асосий омил бўлади.

Йил якунлари бўйича қандай иқтисодий натижалар кузатилди ?

Ўтган йил якунларига эътибор қаратадиган бўлсак, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида номинал (жорий нархларда) ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 25,3 %га, реал ЯИМ (солиштирма нархларда) 5,3 %га ошганлигини  кўрамиз. Реал  нархларда кўрадиган бўлсак, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 4,6 %га, қурилиш 5,6 %га, қишлоқ хўжалиги тармоғи 2,0 %га, жами хизматлар 6,9 %га ўсганини кўриш мумкин. Товар ва хизматлар экспорти ҳажмининг эса 12,3 %га ўсиши кузатилди. Шунингдек, инфляция кўрсаткичи 14,4 % бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир мамлакат барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга интилади, чунки иқтисодий ўсиш:

биринчидан, миллий маҳсулот ҳажми ва даромаднинг кўпайишига;

иккинчидан, ресурслардан самарали фойдаланишга;

учинчидан, янги-янги эҳтиёжлар ва имкониятларнинг пайдо бўлишига;

тўртинчидан, халқаро бозорларда мамлакат нуфузининг ошишига олиб келади ва энг асосийси аҳолининг фаровон яшашини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, барча амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар фақат битта мақсадга – аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини яхшилаш ва халқимизни рози қилишга йўналтирилгандир.

 

 

stat
Bukvus
Jo‘natish uchun belgilangan matn:
Siz "Jo‘natish" tugmasi orqali xatolik haqidagi ma‘lumotni jo‘natishingiz yoki xato haqida qo‘shimcha izoh kiritishingiz mumkin.